Самарқанддаги Тахтақорача довони автомобиллар учун ёпилди
Самарқанд вилоятидаги Тахтақорача довони об-ҳаво шароити ёмонлашгани ва музламалар пайдо бўлгани сабабли вақтинча ёпилди, дея хабар берди вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.
Ургутдан Китобгача бўлган йўл участкасида автомобиллар ҳаракати тўхтатилди. Чекловлар 16 январь соат 21:30 дан бошлаб жорий этилган.
Қор ёғиши ва ҳаво ҳарорати кескин пасайиши натижасида йўл қатлами муз билан қопланган, бу эса йўл ҳаракати хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Масъул хизматлар ҳайдовчиларни жорий этилган чекловларга риоя қилишга, муқобил йўналишлардан фойдаланишга ва йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди.
Тахтақорача довони Ургут туманида жойлашган бўлиб, Олмаота, Бишкек, Тошкент ва Шаҳрисабз шаҳарларини боғлайди.