O‘zbekistonda "bolalar davolash" uchun internet orqali xayriya to‘playotgan erkak hibsga olindi.
"Хайрия ниқоби остида фирибгарлик қилган шахс қўлга олинди"
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари интернет орқали хайрия фаолияти ниқоби остида, аввал касал бўлиб, тузалиб кетган болаларнинг ҳақиқий суратларидан фойдаланиб, уларнинг даволаниши учун пул йиғган эркакни қўлга олди. Йиғилган барча маблағларни у ўз эҳтиёжига ишлатган.
Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу фирибгарлик схемаси болалардан бирининг отаси мурожаат қилганидан сўнг фош этилган. Ота ўз фарзандининг суратларини ва унинг даволаниши учун пул йиғиш ҳақидаги эълонни интернетда кўриб қолган, ваҳоланки, бола аллақачон тузалиб кетган эди. Шундан сўнг, у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиб, жиноятчиларни аниқлашни ва шахсий маълумотларнинг тарқалишига чек қўйишни сўраган.
Тезкор тадбирлар давомида гумонланувчининг шахси аниқланган. У Тошкент вилоятида яшовчи 26 ёшли фуқаро бўлиб чиққан. Тергов давомида у аввал касал бўлган болаларнинг ота-оналари номидан эълонлар жойлаштириб, уларда ўз банк пластик карталари реквизитларини кўрсатгани, натижада ишонқоқ фойдаланувчилардан пул ўтказмалари келиб тушгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, учинчи қисми (фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш, шу жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Мазкур модда санкциясига мувофиқ, гумонланувчига 300 дан 400 базавий ҳисоблаш миқдоригача (123 миллиондан 164 миллион сўмгача) жарима, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фуқароларни янада ҳушёр бўлишга ва, айниқса, ижтимоий тармоқлар ва онлайн платформаларда жойлаштирилган хайрия ёрдами сўровларига жавоб беришда маълумотларни синчковлик билан текширишга чақиради.