Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида наркотик моддалар савдосида гумонланиб, 42 ёшли мактаб ўқитувчиси қўлга олинди
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида наркотик моддалар савдосида гумонланиб, 42 ёшли мактаб ўқитувчиси қўлга олинди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.
Эркак 14,68 кг опийни шартли харидорга 180 минг долларга (1 кг учун 12,2 минг доллардан ортиқ) сотган вақтида ушланган. Тергов натижасида маълум бўлишича, ушбу наркотик модда унга аввалроқ тожикистонлик наркокурьерлар томонидан етказиб берилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу модда 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.
Яна бир ҳолатда Сирдарё вилоятининг Ховос туманида, Тожикистон билан чегара ҳудудида чегара наряди сим тўсиқлар устидан улоқтирилган олтита сумкани олаётган икки нафар маҳаллий фуқарони (43 ва 36 ёшли) ушлади. Сумкалардан 8,31 кг героин ва 54,45 кг опий топилди.
Ушланганларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда контрабанда қилиш) ҳамда 25-модда (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 273-моддаси 5-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилди.