Samarqand viloyatida og‘ir jinoyatning oldi o‘z vaqtida olindi

Samarqand viloyatida og‘ir jinoyatning oldi o‘z vaqtida olindi

Самарқанд вилоятида оғир жиноятнинг олди олинди. Вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ёлланма қотиллик буюртмасига уриниш аниқланди.

Маълумотларга кўра, 2002 йилда туғилган эркак Тошкентда яшовчи танишини йўқ қилиш мақсадида ёлланма қотил қидираётгани ҳақида тезкор маълумот келиб тушган. Самарқанд вилояти Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси, вилоят ИИБ ва прокуратура ходимлари зудлик билан вазиятни назоратга олиб, махсус режа асосида тезкор тадбирни бошладилар.

Тадбир доирасида шартли "ёлланма қотил" жалб этилди. Қайд этилишича, 24 ёшли буюртмачи ўзаро келишмовчиликлари бўлган шахсни ўлдиришни топшириб, бунинг учун 2 200 доллар тўлашини айтган.

27 январь куни Самарқандда ўтказилган тезкор тадбир давомида буюртмачи шартли ёлланма қотилдан гримланган "мурда" суратини олаётганда ва келишилган сумманинг асосий қисми – 2 000 долларни топшираётганда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Яъни, жиноят содир этилмаган, аммо унга тайёргарлик жараёни аниқ ҳужжатлаштирилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари давомида бошқа муҳим ҳолатлар ҳам аниқланди. Маълум бўлишича, қўлга олинган буюртмачи у ишлайдиган МЧЖнинг 30 ёшли раҳбари билан боғлиқ масала туфайли бу ишга қўл урган. Тергов маълумотларига кўра, раҳбар Тошкентда яшовчи қариндоши билан аввалги можаролар ва катта қарз туфайли қотил ёллашни буюртма қилган бўлиши мумкин. Бу шахс ҳам қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.